“ЎЗ соҳамиздаги ўзгаришларга бефарқ бўлмайлик”

“ЎЗ соҳамиздаги ўзгаришларга бефарқ бўлмайлик”

Мана, қарийб уч йилдан бери юртимизда биз учун кўп жиҳатдан кутилмаган, лекин ич-ичимиздан орзу қилиб юрган ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Эркин фикр, иқтисодиётдаги туб бурилишлар, айниқса таълимнинг барча бўғинларидаги кескин ислоҳотлар ва янгиликлар одамларимизда келажакка ишончни орттираяпти. Лекин шу умидбахш ислоҳотларни фақатгина томошабин сифатида кузатаётган, қабул қилишни хоҳламаётган, айнан ўзига юклатилган мажбуриятларни янгича руҳ ва шижоат билан бажаришни истамаётганлар афсуски, олий таълим тизимида ҳам бор.

Икки кундан буён ижтимоий тармоқларнинг асосий мавзусига айланган Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ўтказилган йиғилиш тафсилотлари, олий таълимда коррупцион ҳолатларнинг камаймаётганлиги ҳақидаги хабарлар бу соҳадаги ҳар бир ходим – ассистентдан тортиб, ректоргача ҳушёрликка чақирди. Виждони уйғоқ ҳар бир инсон жуда оғир ўтган бу йиғилишдан сўнг, кўзини очиши шарт.

2019 йил 27 май куни Президентимиз “2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури тўғрисида” фармонни имзолади. Бу ҳужжат коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий обрў-эътиборини оширишга қаратилган. 2019 йил 1 июлдан бошлаб, давлат органлари зиммасига юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширишда юзага келадиган коррупция хавф-хатарларини вақти-вақти билан мажбурий баҳолаб бориши, давлат бошқаруви органлари маҳаллий ижро этувчи хокимият органлари раҳбарлари коррупция хавф-хатарларини ўз вақтида аниқламаганликлари ва тегишли баҳо бермаганликлари, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш холатларига йўл қўйилганликлари юзасидан шахсан жавобгар бўлиши, 2019 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида жамоатчилик ва етакчи экспертларни жалб этган ҳолда дастлабки босқичда капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш белгилаб берилди. 2020 йил 1 апрелдан бошлаб лойиҳа бошқа соҳаларга ҳам босқичма-босқич жорий қилинишини таъкидлаб, коррупцияга, яъни порахўрлик, мансабдан фойдаланган ҳолда қонунни суистеъмол қилиш, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик асосида давлат ташкилотларида иш ташкил қилиб, истеъдодли кадрларнинг ўсишига тўсиқ бўлиш, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг давлат томонидан қонун билан кафолатланган ҳолда берилган ҳуқуқларини бузиш, ўз вазифаси бўйича белгиланган мажбуриятларини бажаришни пайсалга солиб, таъмагирлик қилиш каби ҳолатларда бундай қабиҳликларни амалга оширганлар учун давлатнинг қатъий жазоси муқаррарлиги таъкидланди.

Лекин минг афсуски, бугун ЯНГИ замон бошланганини тан олмаётган, “мен учун эмас, бошқалар учун бу гаплар” деган ақидада қотиб қолган профессор-ўқитувчилар борлигини рўй бераётган воқеаларнинг ўзи исботлаб турибди. Олий таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг ҳаётда ўз аксини топиши учун ОТМнинг ҳар бир ассистенти ва профессор-ўқитувчисидан виждонан, фидокорона меҳнат талаб қилади. Ўз таълим йўналиши бўйича талабага бугунги замоннинг руҳини етказа оладиган, ҳақиқий билимдон устозлар, ўз ҳақ-ҳуқуқини биладиган, ўқитувчини ўзгаришга мажбур қиладиган талабалар кўпайса, юқоридаги иллатларга ўрин қолмайди.

Хулоса шуки, ўз соҳамиздаги ўзгаришларга бефарқ бўлмайлик, томошабин бўлиб қараб турмайлик, қўлимиздан келгунча ислоҳотларни ўтказишда ёрдамчи бўлайлик…

Баҳодир Тўраев, ТДТУ Термиз филиали директори  

Please follow and like us:
error

You must be logged in to post a comment

RSS
Follow by Email
Twitter
Visit Us
Telegram
VK
OK