Tag Archive Огоҳлик

Огоҳлик

Агар огоҳ сен…
Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиалида 6 февраль куни ўтказилган “Ёшлар орасида гиёҳванд воситаларининг тарқалишига қарши кураш” мавзусидаги тадбир жонли ва қизғин баҳс-мунозараларга бойлиги билан талабаларга манзур бўлди.
Бутун дунёда глобал ҳисобланган гиёҳванд воситаларининг тарқатилиши, ёшлар орасида бу иллатга ружу қўйиш ҳолатлари кўпайиб бораётганлиги, бунинг олдини олиш борасида қилинаётган ишлар ҳақидаги учрашувни филиал директори Баҳодир Эргашевич Тураев кириш сўзи билан очди ва йиғилиш иштирокчиларини таништирди. Дастлаб сўз Термиз шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи подполковник Тоғаев Ўктам Ташановичга берилди. Ўктам Тоғаев талабаларни Термиз шаҳри қўшни Афғонистон Республикаси билан чегарадош бўлганлиги сабабли, жуда ҳушёр бўлиши лозимлиги, дўсти, дугонаси томонидан ҳам тинчлантирувчи восита сифатида ҳар хил моддалар таклиф қилинишидан огоҳлантирди. Ёшлар орасида бефарқлик, лоқайдлик, атрофдагиларга эътиборсизлик туфайли гиёҳвандлик иллатига учраш ҳолатлари юз бераётганини таъкидлади. Айниқса, кейинги йилларда ёшлар орасида кенг тарқалган “Лирика”, “Тримадол” каби воситалар таркибида ҳам наркотик моддалар борлиги туфайли, бу каби таблеткалар тарқатилиши, истеъмол қилиниши жиноий жавобгарликка тортилиши белгилаб қўйилганлигини таъкидлади. Ёшлар орасида бу каби моддаларга қарам бўлиб қолганлар ҳақида ҳаётий мисоллар келтириб ўтди. Президентимиз томонидан туризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, хусусан, Термиз шаҳри хавфсиз ҳудудга айлантирилгани ва бу борада қилинган амалий ишлар ҳақида ҳам маълумот берди. Ҳудуднинг фуқаролари, айниқса ёшларни ислоҳотларга ўз ҳиссасини қўшиш, юртимиз келажаги йўлида қилинаётган ҳаракатларга бефарқ бўлмасликка чақирди. Термиз шаҳрига келаётган меҳмонлар хавфсизлиги, туризмни ривожлантириш лозимлиги таъкидланди. Термиз шаҳрида қурилаётган корхоналар, яратилаётган иш ўринлари борасида мисоллар келтирди.
Кейинги иштирокчи “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси”, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳибаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Арипова Шоҳида Раҳматовна бугунги кунда ёшлар, айниқса, талаба ёшлар орасида порнографик лавҳаларнинг тарқалаётганлиги, бу иллатнинг ҳам гиёҳвандлик каби ёшларни тобе қилиб олиши ва турли хил зарарли ҳолатлар юз бераётганлиги тўғрисида гапирди. Айниқса, ёш қизлар ўртасида ҳам турли зарарли иллатлар кузатилаётганлиги, бунинг натижасида, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпаяётганлиги борасида жонли мисоллар келтирди. Турмуш қуриш ёшидаги қизлар ва йигитларга ҳаётий тажрибаси мисолида аниқ таклиф ва тавсиялар берди. Қизлардаги ўзбекона ҳаё, ибо, соддалик, сохта чиройга ружу қўймаслик борасида тавсиялар берди. Оила ва турмуш масалаларига эътибор, фарзанд тарбияси борасидаги маслаҳатлари талабаларга манзур бўлди.
Термиз шаҳар ҳокимининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Термиз шаҳар кенгаши раиси Салоҳиддинов Жаҳонгир Ҳилолиддинович талаба ёшлар ўртасида одатий ҳолга айланган тамаки маҳсулотлари чекиш, спиртли ичимликларга ружу қўйиш каби ҳолатлар ҳақида гапириб, бундай иллатлар ортидан турли кўнгилсизликлар ва жиноятлар содир этилаётганлиги ҳақида гапирди. Ёшлар иттифоқи томонидан тайёрланган гиёҳвандликнинг аянчли оқибатлари лавҳалари акс эттирилган видеоролик талабаларга намойиш этилди. Қўшни Афғонистон республикасида етиштирилаётган наркотик моддалар, бу ажал уруғини юртимиз ҳудудидан олиб ўтишга уриниш ҳолатлари ва бундай ҳолатларга қарши олиб борилаётган тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилиб, ҳар бир талаба бундай хавфдан огоҳ бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Бой ҳаётий тажрибага эга мутахассислар ўз ҳаёти мисолида китоб ўкиш, тинимсиз изланиш, ёмон иллатлардан тийилиш натижасида касбий ва оилавий ҳаётда эришган ютуқларини гапириб ўтишди. Талабаларга вақтни беҳуда ўтказмаслик, кераксиз иллатлардан тийилиб, янги инновацион ғоялар, спорт мусобақаларида иштирок этиш таклифи киритилди.

Please follow and like us:
error

Tags

RSS
Follow by Email
Twitter
Visit Us
Telegram
VK
OK