ICHKI TARTIB QOIDALAR

«ТАСДИҚЛАЙМАН» Тошкент давлат техника филиали Термиз филиали директори _________Н.С.Амирқулов
«____» _________ 2017 йил

ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ТЕХНИКА УНИВЕРСИТЕТИ ТЕРМИЗ ФИЛИАЛИ ТАЛАБАЛАРИНИНГ ИЧКИ ТАРТИБ – ҚОИДАЛАРИ
1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР:
Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги қонунининг 4-моддасида жинси, ёши, тили, ирқи, миллий мансублиги, эътиқоди, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, хизмат тури, ижтимоий мавқеи, турар жойи, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қанча вақт яшаётганлигидан қатъий назар, ҳар кимга билим олишда тенг ҳуқуклар кафолатланади.
Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, эътиқоди, шахси, ижтимой мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ ҳар бир фуқаро қонунда белгиланган тартибда касб танлаш, билим олиш, ижтимоий ҳимояланиш, соғлиғини мустаҳкамлаш ва бошқа ҳуқуқларга эга.
Филиал талабаларининг ички тартиб-қоидалари барча талабаларнинг ўз ватанига чексиз садоқатли, ҳар томонлама камол топган шахс сифатида шакллана бориш ва юксак маънавиятга эга бўлишларини таъминлайдиган мажбуриятларини онгли бажаришларига асосланади.
Филиал таълим жараёни маърузалар, семинар, лаборатория ва амалий машғулотлар, ўқув, педагогик ва ишлаб чиқариш амалиёти, курс ишлари, БМИ лари чет эл ўқув юртлари билан тажриба алмашиш, тест ва рейтинг назоратларини топшириш каби хилма-хил кўринишларда ташкил этилади. Ҳар бир академ rypyҳ буйича талабаларнинг давомати, ўтилган дарс мавзулари ва вақтларини, шунингдек, ҳар бир талабанинг рейтинг балларини қайд этиб бориш мақсадида деканат томонидан махсус журнал жорий этилган бўлиб, у дарсдан ташқари вақтларда деканатда сақланади. Бу журнал ҳар куни машғулотлар бошланиши олдидан тегишли қайдлар қилиш учун гуруҳда дарс олиб борувчи ўқитувчига берилади.
II. ТАЛАБАЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ:
Хавфсизлик ва тозалик талабларига мос келувчи замонавий таълим олиш шароитига эга бўлиш;
Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида” ги қонунининг 20-моддасига кўра қонун ҳужжатларига ва меъёрий ҳужжатларга мувофиқ имтиёзлардан фойдаланиш, стипендия олиш ва талабалар турар жойларида яшаш;
таълим-тарбия олишлари учун юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминланиш;
филиал, шаҳаp, вилоят ва Республика миқёсида бўладиган турли хил танловларда қатнашиш;
турли танлов ва мусобақаларда ҳамда жамоат ишларида фаол катнашганлиги учун филиал маъмурияти томонидан тақдирланиш;
филиал Касаба уюшмаси ва Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотларига аъзо бўлиш;
ҳар ўқув йилининг охирида ва янги йил муносабати билан таътилга чиқиш;
соғлиғи ёки бошқа бирор сабаб туфайли қишки ёки ёзги сессияни вактида топшира олмаганда тегишли ҳужжат асосида оралиқ ва бошқа назоратларни топшириш, керакли рейтинг балларини тўплаш ва сессияни топшириш;
узрли сабабларга кўра кўп дарс қолдирган ва ўқишни давом эттириш имконияти бўлмаган ҳолларда факультет декани томонидан расмийлаштирилган буйруқ асосида академ таътил олиш;
ёзги таътил вақтларида талабаларнинг филиалга қарашли “Хумсон” дам олиш масканида ҳордик чиқариши;
моддий жиҳатдан қийналган шароитда филиал касаба уюшмаси томонидан турли хил ёрдамлар олиш;
дарс тайёрлаш мақсадида филиал ва факультет кутубхонларидан фойдаланиши;
филиал ва талабалар турар жойларида ташкил этилган умумий овқатланиш жойларидан фойдаланиш;
ҳорижий мамлакатларда таълим олиш ҳуқуқини берувчи турли-хил танловларда қатнашиш, танлов талаблари асосида етарли миқдорда рейтинг балларини тўплаган ҳолда ҳорижий мамлакатларга таълим олиш учун бориш;
илмий тадқиқот олиб бориши, тадқиқот натижаларини халк хўжалиги ва ўқув жараёнига тадбик этилишида қатнашиш;
лозим бўлганда гуруҳ раҳбари, факультет раҳбарларига, сўнгра филиал директори ўринбосарлари ва директорига мурожаат қилиш;
филиал миқёсидаги маънавий-маърифий, хўжалик ишларида, спорт секциялари ва бошқа хаваскорлик тўгараклари ишида иштирок этиш;
«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида» ги қонунга асосан белгиланган қоидаларга риоя қилиш.
талабаларнинг аъло ва яхши назарий тайёргарликка эга бўлиш, филиал ижтимоий ҳаётида, кафедраларнинг илмий-тадқиқот ишларида фаол иштирок этиши орқали ишга тавсия қилиниш ҳамда магистратура ва аспирантурага киришда имтиёзли ҳукуққа эга бўлиш ва бошқалар;
намунали хулқ, ўқиш, илмий-тадкикот ишларидаги юксак кўрсаткичлари, филиал ижтимоий ҳаётида фаол иширок этганлиги, Республика илмий танловлари ғолиби, халқаро кўриклар совриндори бўлганлиги учун талабалар қуйидаги рағбатлантиришга сазовор бўлиш.
– ректор ташаккурини олиш;
– турли ёрлиқлар, қимматбаҳо совринлар билан такдирланиш;
– алоҳида таъсис этилган стипендияларга сазовор бўлиш ва бошқалар.
III. ТАЛАБАЛАРНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ:
филиал директори ва факультет деканларининг барча буйруқларини бажарилишида намуна кўрсатиш;
филиалда ўтказиладиган барча маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этиш, ўзларининг маънавий-маърифий ва илмий савиясини ошириш орқали баркамол инсонга айлана бориш;
ташкилотчилик, оммавий — сиёсий, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар кўникмасини эгаллаш, илмий ва сиёсий билимларни таркиб топтириш, шунингдек, филиалда ўтказилаётган барча тадбирларда фаол катнашиш;
ўзи танлаган ихтисоси буйича назарий билим ва амалий кўникмаларни мунтазам равишда чуқур эгаллаш орқали юқори малакали мутахассисга айлана бориш;
филиал комплекс режаси ва дастурларида кўрсатилган барча топшириқларни аъло даражада, белгиланган муддатларда бажариш;
жорий, оралиқ ва якуний рейтингларни топширишда фаол иштирок этиш;
машғулотларга узрли сабабларга кўра қатнаша олмаган ҳолда факультет деканига бу ҳақда маълум қилиш ва нима сабабдан дарс қолдирганини асословчи ҳужжатни, касал бўлиб қолган тақдирда шифокорлар томонидан берилган маълумотномани тақдим этиш;
ўқув йилида сабабсиз 30 ва ундан кўп соат ўқув машғулотларини қолдирмаслик;
ўқув йилда академ қарзлари бўлган ҳолда уни белгиланган муддатларда топшириш, акс ҳолда талаба филиалдан четлаштирилиши мумкин;
филиалга замонавий, ихчам кийимда келиш; (озода, батартиб кийим, қизлар учун ортиқча тақинчоқларсиз);
филиал талабаси деган номга доғ туширмаслик;
барча талабаларнинг филиал профессор-ўқитувчилари, ходимлар ва ўзаро бир-бирлари билан муносабатларда хушмуомала бўлиш;
филиал ҳудудида, ўқув биноларида, талабалар турар жойларида тозаликка риоя қилиш, тамаки маҳсулотларини чекмаслик;
ўз диний эътиқодидан қатъи назар, диний экстремистик ва шовинистик қарашлардан томомила холи бўлиш;
филиалда, талабалар турар жойларидаги ички-тартиб қоидаларига тўлиқ риоя қилиш, филиал мулкини асраб-авайлаш.
IV. ТАЛАБАНИНГ БУРЧЛАРИ:
Ўзбекистон Республикаси Давлат герби, Давлат мадҳияси, Давлат байроғини эъзозлаш, ҳар душанба дарс олдидан ўтказиладиган Давлат мадҳияси ижросида иштирок этиш;
филиал маъмурияти ва факультет жамоаси томонидан ўтказиладиган барча тадбирларда фаол иштирок этиш;
танафус вақтида тинчлик ва тартибни сақлаш;
ҳар куни дарс жадвалида кўрсатилган вақтда филиал аудиторияларида дарсда бўлиш;
ҳар бир дарсга пухта тайёргарлик билан келиш;
ўзлари ўқийдиган аудитория тозалигига, жиҳозларнинг бутун сақланишига жавобгар бўлиш;
филиалдаги таълим олиш ва педагогик амалиёт жараёнида ички тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилиш;
маъруза ва амалий машғулотларда фаол қатнашиб, ижодий фикрлаш, уни амалда кўрсатиш учун интилиш;
ўқув хоналари, лабораториялар ва устахоналардаги асбоб-ускуналарнинг соз бўлишига жавобгар бўлиш;
барча талаба-қизлар филиал ҳудудида ва дарс жараёнида ихчам, замонавий ва миллий кийимда бўлиш;
филиал йўлакларида, зинапояларида сергаклик билан юриб, профессор-ўқитувчиларга ва ўзларидан катталарга йўл бериш;
дарсга кечикиб келмаслик;
таълим олиш жараёнида филиалнинг ички тартиб-қоидаларига қатъий риоя қилишлари ва уни бузганларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш;
мустақил Ўзбекистон Республикаси, Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика филиали талабасига муносиб барча ижобий хусусиятларини ўзларида мужассамлаштириш;
ўз бурчини виждонан ва намунали бажариш.
V.ТАЛАБАЛАР ТУРАР ЖОЙЛАРИДА ИСТИҚОМАТ ҚИЛУВЧИ ТАЛАБАЛАРНИНГ АМАЛ ҚИЛИШЛАРИ ЛОЗИМ БЎЛГАН БУРЧ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ:
филиал раҳбарияти томонидан ўрнатилган тартиб-қоидалар асосида талабалар турар жойига жойлашиш;
талабалар турар жойларида яшовчи талабалар учун ўрнатилган тартиб-қоидаларга сўзсиз бўйсуниш;
ўз хонасини озода ва саранжом ҳолда сақлаш, хонани эстетик дид билан жиҳозлаш;
талабалар турар жойларида ўтадиган барча маънавий-маърифий тадбирларда, кечаларда ҳамда шанбаликларда фаол иштирок этиш;
талабалар турар жойларидаги ва ўз хонасидаги барча жиҳозларни авайлаб асраш, зарур бўлган ҳолда ўз хоналарини жорий таъмирлаш.
VI. ҚУЙИДАГИЛАР ТАЛАБАЛАР ТУРАР ЖОЙЛАРИДА ЯШОВЧИ ТАЛАБАЛАРГА ҚАТЪИЯН МАН ЭТИЛАДИ:
спиртли ичимликлар ичиш, чекиш ва кайф берувчи турли гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш, қимор ўйнаш;
маст ҳолда ва ифлос кийим-бошда юриш;
бир-бирларини ҳақорат қилиш, муштлашиш ва беҳурмат қилиш;
юзини беркитиб юриш, сочни меъёрдан ортиқ ўстириш, соқол қўйиш ва бошқалар;
талабалар турар жойи йўлакларидаги ва ўз хоналаридаги жиҳозларни бузишлари ёки ишдан чиқаришлари;
талабалар турар жойида қаттиқ гапириш, шовқин солиш, ножўя сўзларни айтиб чақириш, деворларига ёмон сўзларни ёзиш;
турли хил тижорат жумладан, ўз уяли телефонда бошқаларнинг гаплашиши эвазига тижорат қилиш ва олди-сотти ишлари билан шуғулланиш;
ўз хонасига бегона шахсларни таклиф қилиш.
VII. ИЖАРАДА ЯШОВЧИ ТАЛАБАЛАРНИНГ АМАЛ ҚИЛИШЛАРИ ЛОЗИМ БЎЛГАН БУРЧ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
ижарада яшовчи талаба энг аввало булғуси педагог эканлигини унутмаслиги;
ижарада турган манзилини, уй эгалари тўғрисидаги маълумотни 3 кун муддат ичида факультет деканатига билдириши;
ижарага жой берган хонадон эгаси ва шу оила аъзолари билан ҳамда шу уй жойлашган маҳалла фуқаролари билан яхши муомалада бўлиши;
хавфсизликни таъминлаш борасида маҳаллага яқиндан ёрдам бериши лозим.
VIII. ҚУЙИДАГИЛАР БАРЧА ТАЛАБАЛАРГА ҚАТЪИЯН МАН ЭТИЛАДИ:
ўқиш жараёнида профессор-ўқитувчилар ва ходимларга совға таклиф қилиш;
жамоат жойларида ва филиал ҳудудида маст ҳолда, кийим-боши ифлос ҳолда юриш;
жамоат жойларида ва филиал худудида спиртли ичимликлар ичиш, тамаки маҳсулотларини чекиш ва кайф берувчи турли гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш;
филиалда, жамоат жойларида бир-бирларини ҳақоратлаб, беҳурмат қилиш ва муштлашиш;
филиал йўлакларида, аудиторияларда ҳамда хоналарда кўргазма ва бошқа жиҳозларни бузиш ёки ишдан чиқариш;
филиал ҳудудига, талабалар турар жойлари жойлашган худудларга шахсий автомашиналарда келиш ва юриш;
дарс жараёнида профессор-ўқитувчиларнинг дарсларини қасдан барбод қилиш;
ўқув биноларида қаттиқ гапириш, шовқин солиш, ножўя сўзларни айтиб чақириш, дарс вақтида ўқув биноси йўлакларида юриш, деворларга ҳамда парталарга ёзиш ва бош кийимда дарсда ўтириш;
давлат томонидан қонуний рўйхатга олинмаган турли хил ташкилотларга аъзо бўлиш;
давлат тизимига қарши даъват қилиш ва турли хил қўпорувчилик ишларини олиб бориш;
Ўзбекистон Республикаси давлат тизимига қарши бўлган диний оқимларнинг даъватига кириш;
ортиқ даражада эътиборни жалб этувчи кийимда (калта юбка ва тиззадан юқори кўйлакда ёки юзни беркитиб) юриш, сочни меъёридан ортиқ ўстириш, соқол қўйиш, шимнинг пойчаларини қайтариб юриш;
давлат ташкилотларида, болалар боғчаси, мактаб, ўрта махсус ва олий ўқув юртларида ва бошқа жойларда динни тарғиб қилиш;
ушбу қонунни бузган шахс қонун олдида жавобгарликка тортилади;
ахлоқий бузуқлик ва жиноят ҳисобланган фоҳишабозлик билан шуғулланиш;
давлат сиёсатига қарши бўлган адабиётларни ўқиш ва уларни тарғиб қилиш ҳамда норасмий митингларда қатнашиш.
IX. ФИЛИАЛ ТАЛАБАЛАРИНИНГ ИЧКИ ТАРТИБ-ҚОИДАЛАРИГА РИОЯ ҚИЛМАГАНЛАРГА НИСБАТАН ҚУЙИДАГИ ЧОРАЛАР КЎРИЛАДИ:
Ҳар бир талаба мазкур тартиб қоидаларга амал қилмаган тақдирда:
энг аввало якка тартибда огоҳлантирилади;
ўз гуруҳида ва факультетида муҳокама этилади ва расмий огоҳлантирилади;
талабалар сафидан чиқарилади.
Интизомий чоралар филиал директори, унинг муовинлари ва факультет декани томонидан берилади.
Талабаларнинг филиал ичида, жамоат жойларида, талабалар турар жойларида қатъий риоя қилишлари шарт бўлган мазкур ички-тартиб қоидалари ректорат ҳамда факультетлар ва талабалар турар жойларининг кўринарли жойларига илиб қўйилади.
«ТАЛАБАЛАРНИНГ ИЧКИ-ТАРТИБ ҚОИДАЛАРИ» филиал талабаларининг умумий йиғилишида ҳамда филиал Кенгашининг 2017 йил ____ августдаги 1-сонли мажлисида қабул қилинди.
Юқорида кўрсатилган қоидаларга барча талабалар амал қилиши шарт ва мажбурийдир.

К е л и ш и л д и :

Маънавий – Маърифий
ишлари бўйича директор ўринбосари: Х.Жўраев

Филиал Касаба
уюшмаси раиси: Ж. Рахмонқулов

RSS
Follow by Email
Twitter
Visit Us
LINKEDIN